Бухоро вилояти Пешку туманида инглиз тили даражасини белгиловчи сертификатни пул эвазига олиб беришни ваъда қилган ўқитувчи қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Пешку туманидаги 1-сонли ИДУМ инглиз тили фани ўқитувчиси, туманнинг “Садир” маҳалласида яшовчи 34 ёшли Б.З. бошқа бир фуқарони алдаб, унга Linguaskill сертификати “В2” инглиз тили даражасини белгиловчи сертификатни олиб беришни ваъда қилиб, ундан фирибгарлик йўли билан АҚШ 500 доллари олган.
Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбири давомида фирибгарлик йўли билан олган пулларидан 200 долларини 24 апрель куни турмуш ўртоғи М.Ш. орқали Пешку туманининг “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудида қайтариб бераётган вақтида қўлга олинган
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Февраль ойида Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида халқаро сертификат олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланганди. Апрелда эса Жиззахда 2,4 минг АҚШ долларига тиббиёт коллежи дипломини сотмоқчи бўлган масъул ходим қўлга олингани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)