Япония бош вазири Фумио Кисиданинг Вакаяма шаҳридаги Сайгасаки балиқчилик портида нутқ сўзлаган саҳна яқинида кучли портлаш овози эшитилди, деб хабар бермоқда NHK. Ҳукумат раҳбари воқеа жойидан зудлик билан эвакуация қилинган, жабрланганлар йўқ. Кисиданинг ўзига ҳам ҳеч қандай зарар етмаган.
Asahi телеканалининг аниқлик киритишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчини воқеа жойида ҳибсга олган, портлашдан бир дақиқа ўтиб ҳавога оқ тутун кўтарила бошлаган. Ҳодиса гувоҳларининг сўзларига кўра, яқин атрофдаги гуруч майдонига цилиндр шаклидаги кумушранг буюм улоқтирилган, шундан сўнг портлаш содир бўлган ва тутун кўтарилган.
Портлаш Кисида ўз нутқини тугатгандан кейин юз берган. Ҳодисадан кейин уни машинада олиб кетишган. Полиция воқеа юзасидан тергов бошлади.
2022 йил 8 июль куни Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэ Нара шаҳрида Либерал-демократик партияни қўллаб-қувватлаб нутқ сўзлаётган пайтида унга суиқасд қилишганди. Япония ўзини ўзи ҳимоя қилиш кучларининг собиқ денгизчиси, 42 ёшли Тецуя Ямагами унга икки марта ўқ узган, Абе кўкрак ва бўйнидан яраланган. У зудлик билан шифохонага етказилган, бироқ ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Ямагами қотилликда айбини тан олган. Абе 2006—2007 ва 2012—2020 йилларда Япония бош вазири бўлган эди.
Изоҳ (0)