Украина Қримни қайтариб олишнинг ҳам ҳарбий, ҳам дипломатик йўлларини кўриб чиқмоқда, шунингдек, аралаш вариантни ҳам истисно этмаяпти. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жапарова “Ukrinform”га маълум қилди.
“Менимча, бугунги кунда бизда иккита йўл бор — ҳам ҳарбий, ҳам дипломатик. Уларнинг иккаласи ҳам долзарб. Масалан, Хорватия 1990 йилларда уруш бўлганида, ўз ҳудудининг учдан икки қисмини ҳарбий йўл билан, учдан бирини эса – дипломатик усулда қайтарган. Қрим Украинанинг ажралмас қисмидир”, — деди Жапарова.
У Қримни қайтариш масаласини Украинанинг ўзи ҳал қилишини, барча иттифоқчилар ва ҳамкорлар бунга розилигини айтди. Ташқи ишлар вазирлиги вакилига кўра, ҳамма “Қрим сабоғи”ни ўрганган ва такрорлашга йўл қўймайди.
“Чунки 2014 йилда биз мамлакат сифатида, бутун дунё ҳамжамияти сифатида бу иллатни тўхтата олмадик ва у кенг тарқалди. Айниқса, Европа етакчиларининг барча дипломатик музокара ва уринишлари Путин тилини топишга қаратилганди. Путин буни заифлик деб баҳолади ва 24 февраль (2022 йил) ўзининг навбатдаги агрессиясини амалга оширди”, — деди Жапарова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленскийнинг Қримдаги вакили Украина армияси Қрим билан маъмурий чегарада бўлганда ёки Красноперекопскка кирганда Россияга яриморолни озод қилиш тўғрисида таклиф билан чиқишини айтганди.
Изоҳ (0)