АҚШ разведкаси Украинадаги уруш ривожланишининг “кутилмаган сценарийлари”ни, жумладан, Россия президенти Владимир Путиннинг ўлимини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Пентагоннинг интернетда сиздирилган махфий ҳужжатларига таяниб, The New York Times хабар берди.
Ҳужжатда урушнинг кечишига таъсир қилиши мумкин бўлган тўртта сценарий кўрсатилган: Владимир Путиннинг ўлими, Владимир Зеленскийнинг ўлими, Россия армияси раҳбариятининг ўзгариши ва “Украинанинг Кремлга зарбаси”.
Ҳужжатда айтилишича, уруш узоқ давом этиши мумкин ва ҳар бир сценарий вазиятни кучайтириши, можарони музокаралар йўли билан тугатиши ёки сезиларли таъсир кўрсатмаслиги мумкин.
“Украинанинг Кремлга зарба бериш” сценарийсига тушунтириш берилмаган. Бироқ воқеаларнинг бундай ривожланиши билан Путин “оммавий норозилик”ка жавоб бериши, сафарбарликни бошлаши ва тактик ядро қуролидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқиши мумкинлиги келтирилган.
Бу ҳолатда воқеалар ривожининг яна бир варианти, яъни жамиятдаги қўрқув Россия президентини урушни ҳал қилиш бўйича музокараларни бошлашга мажбур қилиши мумкин.
“Байден маъмурияти Украинанинг Москвага эҳтимолий зарбасидан кўпроқ хавотирда, чунки бу Россия томонидан кескин эскалацияни келтириб чиқариши мумкин. Бу хавотирлар АҚШ Киевни узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминлашни истамаслиги сабабларидан биридир”, — дейилади хабарда.
Сизиб чиққан ҳужжатда маълум бир сценарийнинг юзага келиши эҳтимоли ҳақида ҳеч қандай баҳо йўқ. Нашр бундай ҳужжатни разведка учун “одатий” деб баҳолади, у ҳарбийлар, сиёсатчилар ва қонунчиларга йирик воқеаларнинг мумкин бўлган натижаларини баҳолашда ёрдам бериш учун мўлжалланган.
Ҳужжат “RELIDО” деб белгиланган, яъни юқори мартабали амалдорлар ундан олинган маълумотларни хорижий ҳамкорларга ошкор қилиши мумкин. Ҳужжатда 24 февраль санаси келтирилган ва “бир йил” деб белгиланган, бу АҚШ разведкаси таҳлили уруш бошланганининг бир йиллигида қилинганини кўрсатади.
Изоҳ (0)