АҚШ президенти Жо Байден The Wall Street Journal мухбири ва АҚШ фуқароси Эван Гершковичнинг Россияда ҳибсга олинишини “мутлақо ноқонуний” деб атади. У америкалик дипломатларга ҳалигача журналист билан боғланишга рухсат берилмаганини қайд этди.
“Биз бўлаётган воқеалар мутлақо ноқонуний эканини аниқ қилиб айтмоқдамиз, буни расман эълон қилдик ҳам”, — деди Байден Ирландияга учишидан олдин.
АҚШ элчихонаси ходимлари ҳалигача журналист билан учрашмагани ҳақидаги саволга изоҳ берар экан, Байден: “Бунинг сабаби етарлича ҳаракат қилинмаётгани эмас”, деди.
Шунингдек, парвоз вақтида Байден Россияда ҳибсга олинган мухбирнинг ота-онаси билан телефон орқали мулоқот қилди.
Қўнғироқ чоғида АҚШ президенти “ўзининг миллий хавфсизлик гуруҳи Эван ва Россия томонидан ноқонуний ушлаб турилган бошқа шахсларнинг озод этилишини таъминлашга эътибор қаратиб келаётгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлишини айтди”.
Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Эван Гершковични “ноҳақ ҳибсга олинган” деб эълон қилганди. Бу журналистни алмашиш бўйича музокаралар олиб боришга потенсиал йўл очади.
WSJ мухбири Эван Гершкович март ойи охирида Екатеринбургда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати даъво қилишича, журналист гўёки Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бири ҳақида махфий маълумотларни тўплаган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия расмийлари Гершковични жосуслик иши бўйича ноқонуний ҳибсга олганига “шубҳа қилмаслигини” айтди. Блинкен 2 апрель куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатда шу ҳақда гапирган.
Изоҳ (0)