Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мудофаа вазири Ёав Галлантни истеъфога чиқариш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Бу ҳақда Нетаньяху 10 апрель куни халққа телемурожаати чоғида маълум қилди. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари мудофаа вазири билан “барча жабҳаларда бир суткада 24 соатлаб бирга” ишлаётгани ва “ихтилофларни бир четга суриш”га қарор қилганини айтди.
Галлантнинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги қарор 26 март куни ҳукумат раҳбари офиси сайтида пайдо бўлганди. Бу Галлант Нетаньяху ҳукумати томонидан илгари сурилган ва Исроилда оммавий норозиликларни келтириб чиқарган суд-ҳуқуқ ислоҳотини очиқдан очиқ танқид қилганидан кейин содир бўлди. Шу билан бирга, вазирнинг ўзи истеъфога чиқиши ҳақида расмий билдиришнома олмаган.
Сўнгги ҳафталарда мудофаа вазирининг истеъфоси ҳақидаги гап-сўзлар фонида Исроилда вазият кескинлашди — давлат Ғазо сектори, Сурия ва Ливандан ракета ҳужумларига учради. Нетаньяху мамлакат “террорчилар ҳужуми остида” эканини айтди. Ҳукумат раҳбари суд-ҳуқуқ ислоҳотига қарши бўлганларни мамлакатда ички бўлинишга олиб келганликда айблади.
Нетаньяхунинг суд ишлоҳотига қарши намойишлар Исроилда бир неча ой давом этиб, полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Ушбу ислоҳот Олий суд ваколатлари қонун ва ҳукумат қарорлари билан чекланишни, Вазирлар Маҳкамаси судьяларни танлаш устидан назоратни ўз қўлига олишини назарда тутади. Шундай қилиб, бирор қонун ҳатто Олий суд томонидан мамлакат конституциясига зид деб топилса ҳам, парламент уни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Намойишчилар ҳукуматнинг режаларини қоралаб, буни Исроилдаги демократия асосларига зид деб атади. Оммавий намойишлар фонида Нетаньяху суд ислоҳотини музлатиб қўйди.
Изоҳ (0)