Жанубий Африкада Мозамбик ва Малавини қамраб олган “Фредди” тропик бўрони юздан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва катта вайронагарчиликлар келтириб чиқарди, деб ёзмоқда Reuters.
Ўтган ҳафта охирида бўрон Мозамбик давлатининг марказий қисмига келиб, уйларнинг томини учириб кетган ва сув тошқинига сабаб бўлган, сўнгра табиий офат Малавига томон ҳаракатланиб, минтақани кучли ёмғир остида қолдирган.
Мозамбикнинг айрим аҳоли пунктларида электр энергияси ва алоқа узилиб қолган. Шу сабабли мамлакатда кўрилган зарар ва қурбонлар сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Малавидаги ёмон об-ҳаво туфайли камида 99 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда табиий офат оқибатларини бартараф этиш департаменти комиссари Чарльз Калемба хабар қилди.
Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, “Фредди” циклони Жанубий яримшарда қайд этилган энг кучли циклонлардан бири ҳисобланади.
Олимларнинг таъкидлашича, тропик бўронлар иқлим ўзгариши фонида кучаймоқда, чунки иссиқхона газлари атмосферада иссиқликни ушлаб туради ва океанлар сувини иситади. Иссиқ сув буғланганда, иссиқлик энергияси атмосферага ўтиб, янада кучли циклон ва бўронларни келтириб чиқаради.
Изоҳ (0)