Россия раҳбари Владимир Путин Украинадаги урушни узоқ вақтга, балки йиллаб давом эттиришга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Миллий разведкаси директори Аврил Хейнс йиллик ҳисоботга бағишланган йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар беради CNN.
Унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш “мислсиз вайронагарчилик ўчоғига айланди, унда ҳеч бир томон узил-кесил ҳарбий устунликка эга эмас”. Бироқ, расмийнинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин “эҳтимол урушни йиллаб давом эттиради”.
“Биз Россия ҳарбийларининг бу йил катта ҳудудий ютуқларга эришиш учун етарли даражада ўзини тиклай олишини кутмаяпмиз, бироқ Путин катта эҳтимол билан вақтни ўз фойдасига чўзишга умид қилмоқда”, — деди Хейнс.
Аввалроқ НАТО раҳбари Енс Столтенберг Украинадаги урушнинг натижаси номаълум экани, аммо ҳозирда Путин ўз амбицияларини ўзгартиргани борасида ҳеч қандай аломат йўқлигини маълум қилганди.
“У тинчликни хоҳламайди. У янги урушни режалаштирмоқда”, — дея таъкидлади НАТО етакчиси.
Бунга қадар Столтенберг Украинанинг НАТОдаги истиқболини тасдиқлаган эди. Шу билан бирга, у Украинанинг урушдаги ғалабаси мамлакатни интеграциялаш ва Евроатлантика ҳамжамиятига тўлиқ қўшишнинг ягона йўли эканини айтган.
Изоҳ (0)