Самарқанд вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Самарқанд халқаро аэропортида одам савдоси жиноятининг олди олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 29 ёшли фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, унда Иштихон туманида яшовчи 35-40 ёшлардаги аёл ўзининг жиноий шериги билан моддий манфаат эвазига фоҳишалик билан шуғулланиши учун БААнинг Дубай шаҳрига юбораётганини маълум қилиб, ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан тезкор тадбир ўтказилган. Унда ушбу аёл 29 ёшли жувондан 5 минг доллар миқдоридаги пулларни олаётган вақтида аэропорт чегара ҳудудида ички ишлар ходимлари томонидан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида қизларни Индонезияга фоҳишаликка юбормоқчи бўлганлар қамалгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)