Хитойнинг Spacety Cо компанияси Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашаётган “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси жангчиларига сунъий йўлдош тасвирларини узатган. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Шарқий Осиё ва Тинч океани масалалари бўйича ёрдамчиси Даниэль Критенбринк маълум қилди.
Spacety январь ойидан бери АҚШ санкциялари остида. АҚШ Молия вазирлиги баёнотида компания Украина ҳудудининг сунъий йўлдошдан олинган тасвирларини “Вагнер” гуруҳига алоқадор “Терра-Тех” компаниясига узатаётганини айтди. Бу компания ҳам Қўшма Штатлар томонидан қора рўйхатга киритилган, “Вагнер”нинг ўзи эса трансмиллий жиноий ташкилот сифатида тан олинган.
Spacety компанияси 2016 йилда ташкил этилган. Компания Пекинда жойлашган ва кейинчалик Люксембургда халқаро штаб-квартирасини очган. АҚШ санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг, фирма Россияга қарши халқаро санкцияларга риоя қилаётганини ва чекловлар киритилгандан кейин Россия билан алоқаларини қўллаб-қувватламаслигини билдирди. “Бизнинг маҳсулотларимиз ва хизматларимиз ҳарбий мақсадларда ишлатишга мўлжалланмаган”, — дейилади Spacety баёнотида.
АҚШ расмийлари Хитой Украинада фойдаланиш учун Россияга қурол бермоқчи, деб гумон қилмоқда. Wаll Street Journal ва CNN манбаларига таяниб, Хитой Россияга учувчисиз учоқлар, артиллерия тизимлари ва ўқ-дорилар беришни кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди, бироқ ҳозирча бу борада қарор қабул қилинмаган. Февраль ойи охирида АҚШ президенти Жо Байден Пекиндан Москвага қурол узатилган тақдирда, Хитой иқтисодиёти жиддий оқибатларга учраши ҳақида огоҳлантирди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги “жанг майдонига қурол етказиб бераётган” АҚШни “айбни ўз зиммасидан соқит қилиш ва дезинформация тарқатишни тўхтатишга” чақирди. Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киев Пекиннинг Москвага қурол жўнатиш ниятини тасдиқламагани ҳақида гапирди.
Изоҳ (0)