Ўзбекистонда соатига 60 км тезлик белгиси ўрнатилган жойларда камералар ушбу чекланган тезлик бўйича жарималарни қайд этмоқда. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати “Дарё”га маълум қилди.
1 июндан республикадаги барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлигини соатига 70 километрдан 60 километргача туширилиши хабар қилинганди. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент фармони лойиҳасида белгиланган.
“Таҳлилларга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари йилига 4 мингга яқин ўлим ҳолатлари билан якунланади. Тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади”, – дейилган ҳужжатда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарига кўра, айни пайтда мамлакатда соатига 60 км тезлик белгиси ўрнатилган жойларда камералар ушбу чекланган тезлик бўйича жарималарни қайд эта бошлаган.
Аввалроқ соатига 60 км тезлик бўйича йўл белгилари қачондан ўрнатилиши очиқланганди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Азиз Муродов юқори тезлик чекланган кўчалар хатловдан ўтказилиб, тегишли белгилар босқичма-босқич ўрнатилишини билдирган. Унинг таъкидлашича, ушбу кўчаларда ўрнатилган махсус мосламалар ҳам транспорт воситаларининг тезлигини аниқлашда чекланган тезликка мослаштирилади.
Изоҳ (0)