Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг босқини бошланганидан бери кийиниш услубидаги ўзгаришларга изоҳ берди. Сиёсатчи BBCъга берган интервьюсида бу ҳақда гапирди.
Зеленский 2022 йил 24 февралдан бошлаб оммавий, ишбилармонлик учрашувлари, брифинглар ва халқаро ташрифларда ҳам ҳарбий кийимда чиқишни бошлади. Украина раҳбари охирги марта 23 февраль куни Россия босқини арафасида классик услубда “президентлик костюми”да кўриниш берганди. Зеленский замон ўзгаргани, шунинг учун унинг қиёфаси ҳам ўзгаргани, чунки бундай вазиятда костюм кийиш ғалати ҳисобланишини айтди.
Сиёсатчи Россия қўшинлари босқинининг биринчи кунида ўз жамоаси аъзолари маслаҳати билан ҳарбий кийимга “ўтганини” тасдиқлади.
“Албатта, мен ўзим билан костюм олиб юрмайман. Ёрдамчиларимдан бири балки буни синаб кўрарсиз, дея ҳарбий формани кўрсатди. Мен рози бўлдим ва шундай кийинишни бошладим. Бу одамлар учун қулайроқ ва тушунарлироқ бўлади. Ахир бу уруш бўлса, костюмда бўлиш жуда ғалати”, — деди президент.
Шу билан бирга, Зеленский украиналиклар уни албатта костюм ва галстукда кўришига, Украинанинг Россия билан урушдаги ғалабаси “тинч мамлакат” президенти услубига қайтиш учун ажойиб сабаб бўлишига ишонтирди.
“Ғалабамиздан кейин, балки ғалаба куни костюмда кўриниш берарман. Лекин, албатта, шундай бўлади, чунки ўша пайт тинч мамлакат президенти бўламан. Бунга ишончим комил”, — деди у.
Изоҳ (0)