Туркияда ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт партияси” президентлик сайловларини кейинга қолдиришга қарши чиқди. Бу ҳақда Hurriyet газетаси хабар берди.
Нашрда келтирилишича, ҳозирда партия умумий сайловлар билан боғлиқ барча вариантларни кўриб чиқмоқда, бироқ зилзилалар фонида уларни кейинга қолдиришдан бош тортмоқда.
“Президент Эрдўғон 14 май куни сайлов ўтказилиши тарафдори, партиянинг баъзи аъзолари эса 18 июнда бўлиши тарафдори. Олий сайлов комиссияси зилзила содир бўлган ҳудуддан кўчиб кетган ёки зилзила содир бўлган ҳудудда қолганлар учун жойларда овоз бериш ишларини олиб боради”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ Туркия парламентининг собиқ спикери, собиқ бош вазир ўринбосари Булент Аринч май ойига белгиланган умумий сайловларни зудлик билан кечиктиришга чақирганди. Унинг фикрича, ҳалокатли зилзилалар фонида “мамлакат сайловолди стрессидан қутулиши керак”. У вазиятни ҳал қилишнинг учта вариантини таклиф қилган.
Биринчиси, парламент ва президентлик сайловларини бирлаштириш, шунингдек, 2024 йилда маҳаллий бошқарув органларига сайловларни ўтказишни назарда тутади. Иккинчи мумкин бўлган сценарий – президентлик ва парламент сайловларини кейинга қолдириш ва уларни 2023 йил ноябрида ўтказиш. Агар бу икки вариант мос келмаса, Аринч сиёсий партияларнинг келишган ҳолда бошқа сайлов санасини ўзгартириши мумкинлигини айтади.
Haberturk нашри Туркиядаги умумий — ҳам президентлик, ҳам парламент сайловлари олти ойдан бир йилгача кечиктирилиши мумкинлигини маълум қилганди. Мақолада мамлакатдаги ҳукмрон партия кенг кўламли зилзила фонида бу масалага жиддий ёндашаётганини айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатда умумий сайловлар 2023 йилнинг 14 майида ўтказилишини, бу аслида белгиланган муддатдан бир ой олдин эканини айтганди.
Изоҳ (0)