Ўзбекистонда фуқароларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди
Ўзбекистонда фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Турган жойи — шахс қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган асосларда вақтинча яшайдиган жойлаштириш боситаси, даволаш муассасаси ёки шахснинг яшаш жойи ҳисобланмайдиган турар жой.
Яшаш жойи — шахс мулкдор сифатида, ижара, текин фойдаланиш шартномаси бўйича ёки қонунчилик ҳужжатлартида назарда тутилган бошқа асосларга кўра доимий равишда яшайдиган ҳамда ўзи яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган уй, квартира, хизмат турар жойи, махсус уй (ётоқхона, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уй, шунингдек болалар уйи ёки бошқа масадли уй) ёхуд бошқа турар жой.
Ҳукуматнинг 6 майдан кучга кирган қарори билан тасдиқланган низомга кўра, ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари мазкур соҳада ваколатли орган ҳисобланади. Фуқарони яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ҳар икки томон (мулкдор ва фуқаро) иштирокида амалга оширилади ва уларнинг розилиги Face ID ёки Mobile ID тизими орқали тасдиқланади.
Бир нечта уйга ёки квартирага эга бўлган турар жой мулкдори улардан фақат биттасига яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади. 18 ёшга тўлмаган фуқаро ота-онаси ёки улардан бири ёхуд васийси (ҳомийси) рўйхатдан ўтказилган манзилда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.
Фуқаро янги яшаш жойига келган кундан эътиборан 10 иш куни ичида яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жой мулкдори уни яшаш жойи ёки турган жойи манзилига рўйхатдан ўтказиш учун ваколатли органга хабар бериши шарт.
Фуқаролар ёки турар жой мулкдори рўйхатдан ўтказиш учун ўзларига қулай бўлган жойдаги ваколатли орган ёки давлат хизматлари марказлари, “Ақлли” миграция шохобчалари орқали шахсан ёхуд ЕИДХП, “Э-хабар бериш” тизими орқали онлайн тарзда мурожаат қилишлари мумкин.
Фуқаронинг яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилгани унда мазкур турар жойга (уй-жой майдонига) бўлган мулк ҳуқуқи келиб чиқишига олиб келмайди.
Турар жойларнинг ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини солиқ органлари томонидан ҳисобга қўйишда ижарага олувчиларнинг хоҳишига кўра улар ижара шартномасида кўрсатилган, аммо бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга турар жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади. Бунда турар жойни ижарага ёки текинга фойдаланишга бериш шартномаси турар жой мулкдори томонидан тасдиқланганидан сўнг ижарага олувчи ҳақидаги маълумотлар “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси “Э-хабар бериш” тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказилади.
Турар жойни ижара ёки текинга фойдаланиш шартномаси турар жой мулкдори томонидан тасдиқлангани фуқарони турар жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш учун турар жой мулкдорининг розилиги ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг қуйидаги ҳудудларида фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи чекланиши мумкин:
- чегара зонасида;
- ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда;
- ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмаларда;
- фавқулодда ҳолат ёки сафарбарлик эълон қилинган ҳудудларда ва бошқалар.
Турар жой ўтказиб бериш учун тақиқ қўйилган бўлса ёки хатлаб қўйилган бўлса яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни
рад этишга сабаб бўлади.