Туркиянинг “Сивасспор” клуби ёрдамчи мураббийи Айхан Тенбеўглу зилзила оқибатида 15 нафар оила аъзосини йўқотгани маълум бўлди. Бу ҳақда жамоа бош мураббийи Ризо Чалимбай Cumhuriyet нашрига берган интервьюсида гапирган.
“Жамоа ёрдамчи мураббийларидан бири Айхан Тенбеўглунинг Ҳатайда истиқомат қилувчи кўплаб қариндошлари зилзила оқибатида вафот этганини билдик. Унга қўнғироқ қилдим ва 15 нафар оила аъзосидан ажралиб қолгани ҳақида билдим. Унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз”, — дейди Чалимбай.
Қайд этилишича, волейбол бўйича “Ҳатай” аёллар клубининг 14 нафар вакили бедарак йўқолган, шунингдек, “Беледиеспор” волейбол жамоасининг уч нафар аъзоси ҳам вайроналар остида қолган, уларнинг икки нафари қутқариб олинган. Кахраманмарашдаги кураш аренаси қулаб тушган, у ерда 30—40 нафарга яқин ёш спортчилар бўлган ва уларнинг тақдири номаълум бўлиб турибди.
Аввалроқ “Малатяспор” футбол клуби дарвозабони Айюб Туркаслан зилзила оқибатида вафот этгани. Зилзила марказларидан бири бўлган Ҳатай вилоятининг “Ҳатайспор” клубининг 4 нафар футболчиси ва мураббийлар штабининг икки вакили харобалар остидан қутқариб олингани хабар қилинганди. Клубнинг легионер футболчиси, “Челси” собиқ ўйинчиси Кристиан Атсу ҳам қутқарилган.
Шунингдек, Кахраманмарашдаги халқаро мусобақада қатнашиш учун борган ўзбекистонлик ёш курашчилар зилзила эпитцентридан олиб кетилган ва Анқара—Истанбул—Тошкент рейси билан Ўзбекистонга қайтиб келиши маълум бўлганди.
Изоҳ (0)