Мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков аёл-қизларга нисбатан зўравонлик оғир гуноҳ эканини эслатди.
Таъкидланишича, ҳозирда жамиятда эркаклар ўз вазифасини суистеъмол қилиб, аёлларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса уларга бу дунёда ҳам, қиёматда ҳам кўп азоб ва офат олиб келади.
“Жамиятимизда эркаклар куч-қудрат эгаси эканини қайсидир даражада суистеъмол қилиб, ҳузурларидаги заифаларга нисбатан мана шундай тазйиқ ўтказаётган ҳолатлар учраб турибди. Агар биз буни вақтида муолажа қилмасак, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқи нақадар юксак эканини, динимиз уларга иззат-икром кўрсатиш нақадар савобли иш эканини баён қилмасак, аксинча, уларга зиён етказиш эртага қиёматда зулмат бўлишлигини айтмас эканмиз, шу ишларга қўл ураётган кишилар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жуда кўп азоб ва офатларга мубтало бўлади”, — дейди домла.
Унинг қайд этишича, аёллар, ким бўлишидан қатъи назар, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш зарур. Ҳар бир аёл эъзозланиши, асраб-авайланиши керак.
“Динимиз аёлларга бўлган ҳурмати, у ким бўлишидан қатъи назар, онаси бўлса, бош устига, жуфти ҳалоли бўлса, уни эъзозлаши, меҳр бериши унинг вазифаси, шу сабабли уни никоҳига олган. Опа-сингиллари бўлса, бу унинг жигарлари, силайи-раҳм шуни тақозо қилади. Яқин қариндошлари бўлса, уларга ҳурмат-эътибори, аммо бошқа бегона бўлса ҳам, у мўмина-муслима бўлса, диндошлик ҳақи бор, ғайридин бўлса, инсонлик, заифалик ҳақи бор.
Биз ҳозир ўз қарамоғимиздагиларнинг азият чекаётганини кўряпмиз, эшитяпмиз, ўқияпмиз. Бу бедодлик, бунинг ортидан эртага бошқа кулфатлар келиши мумкин. Бир инсондан содир бўлган гуноҳ туфайли жамиятда қанча-қанча яхшиликлар бўлмай қўяди. Биз билмаган жойда бир заифа озор чекаётгандир. Ана шу туфайли биз яхшиликлардан маҳрум бўлмайлик. Биз барча заифаларни ўзимизнинг қарамоғимиздагилар билан тенг кўрайлик”, — дея таъкидлайди мутасадди.
Изоҳ (0)