Тошкент тумани “Эшонхўжа ота” масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов лавозимидан озод этилди ва 3 суткага қамалди.
Ижтимоий тармоқларда имом-хатиб Баҳромовнинг вояга етмаган қизларга таҳдид қилгани ва уятсиз сўзлар билан ҳақоратлагани акс этган аудиоёзувлар тарқалганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ички назорат комиссияси ҳолатни ўрганди ва уни лавозимидан озод этишга қарор қилди. Шунингдек, имом-хатиб Авазхўжа Баҳромов 3 суткага маъмурий жазо сифатида қамалган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси йиғилишида 28 январь куни Тошкент вилояти Тошкент тумани “Эшонхўжа ота” масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов масаласи кўриб чиқилганди. Унда имом-хатибнинг ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган араб тили курсидаги хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинган.
Йиғилишда имом-хатибнинг мазкур ҳолати имомлик мақомига мутлақо тўғри келмаслигига алоҳида урғу қаратилган. Ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган “фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиш” ва “ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриш” деган бандларнинг имом томонидан қўпол равишда бузилиши деб баҳоланган.
Изоҳ (0)