Фарғона шаҳрида 24 январь куни Matiz ёниб кетганди. Бош прокуратура матбуот хизмати машинани унда бўлган аёл ёқиб юборганини маълум қилди.
Қайд этилишича, шу куни соат тахминан 19:00 ларда фуқаро М.У. Matiz бошқарувида ҳомиладор турмуш ўртоғи (шаръий никоҳ асосида) 1987 йилда туғилган М.Х.ни шифохонадан яшаш хонадонига олиб кетаётган вақтида, турмуш ўртоғи уни рашк қилган ҳолда оғзаки жанжаллашиб келган.
М.У. турмуш ўртоғи билан гаплашиб олиш мақсадида автомашинани Фарғона шаҳридаги “Нефтьчи” стадиони рўпарасида тўхтатган.
Шу вақтда автомашина орқа ўриндиғида ўтирган М.Х. (аёл) ўзи билан уйидан олиб чиққан пластмасса идишдаги бензин ёқилғисини дастлаб турмуш ўртоғи М.У.га, кейинчалик эса ўзига ва автомашина салони ичига сепиб, ёқмоқчи бўлган.
Турмуш ўртоғининг ушбу ҳаракатидан қўрқиб кетган М.У. автомашинадан тушиб, ташқарига қочган вақтда М.Х. ёндиргич (зажигалка) билан ўзини ва автомашинани ёқиб юборган.
Чақирувга асосан ҳодиса жойига етиб келган Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ёнғин тезкорлик билан ўчирилиб, тез-тиббий ёрдам бўлими ходимлари томонидан автомашина салонида бўлган марҳума М.Х.нинг ёнғин натижасида туғилган ўғил жинсли чақалоғи ҳаёти сақлаб қолинган.
Бироқ, шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, чақалоқ шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “б” банди (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)