Бангладешнинг Читтагонг шаҳрида яшовчи 15 ёшли Фаҳим бекинмачоқ ўйнаётганда контейнерга яшириниши ортидан Малайзияга келиб қолди. Бу ҳақда India Times хабар берди.
Маълум қилинишича, Фаҳим олти кун давомида овқат ва сувсиз юк ташиш контейнерида бўлган. Малайзиянинг Порт Кланг ишчилари 17 январь куни Бангладешдан келган контейнерни тушираётганда унинг ичида бола борлигини аниқлаган. Улар бола ўғирлаб кетилган деб ўйлаб, полицияга қўнғироқ қилган. Фаҳим ҳуқуқ-тартибот ходимларига дўстлари билан бекинмачоқ ўйнаётганида юк ташиш контейнерига яширинганини айтган.
Ўйин пайтида у ухлаб қолган, юк кўтарувчилар эса Фаҳимни пайқамай, тасодифан контейнерни қулфлаган ва уни кемага ортган. Порт маъмурияти Фаҳимга тез ёрдам чақирган. У ҳолсизлик билан касалхонага ётқизилган. Нашрнинг аниқлик киритишича, ҳозирда унинг ҳаёти хавф остида эмас. Яқин кунларда у ватанига қайтарилади.
Изоҳ (0)