Вьетнам президенти Нгуен Суан Фук истеъфога чиқди, деб хабар беради VN Express онлайн-газетаси.
Нгуен Суан Фук ўз лавозимидан кетди, дейилади газета хабарида. Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси унинг Сиёсий бюро аъзоси, 13-чақириқ партия МҚ аъзоси ва президент лавозимларидан истеъфога чиқишига розилик берди.
«Партия ва халқ олдидаги ўз масъулиятини англаган ҳолда, у ўзи тайинланган лавозимлардан кетиш ва пенсияга чиқиш ҳақида ариза берди», — дейилади партия МҚ хабарида. Ўз лавозимида Нгуен Суан Фук мамлакатни бошқариш ва COVID-19 га қарши кураш учун «катта куч сарфлагани» ҳамда муҳим натижаларга эришгани айтилади.
У раҳбарлик қилган вақтда мамлакатнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, бош вазирнинг икки ўринбосари ва уч вазир «жиддий оқибатларга олиб келган қонун бузилишларига йўл қўйган». Вазир ўринбосарлари истеъфо берган, икки вазир ва кўплаб мансабдорлар жиноий жавобгарликка тортилди, дейилади МҚ хабарида.
Вьетнам конституциясига кўра, президент давлат раҳбари бўлиб, ички ва ташқи масалаларда мамлакатга вакиллик қилади. Президент Вьетнам Миллий мажлиси томонидан депутатлар орасидан олий давлат органи ҳисобланувчи ушбу мажлиснинг ваколатлари муддатига сайланади. Миллий мажлис ҳам Нгуен Суан Фукнинг президент лавозимидан истеъфога чиқишини маъқуллаши керак бўлади. Reuters хабарига кўра, Миллий мажлис шу ҳафта «юқори мансабли амалдорлар» истеъфосини ратификация қилиш учун навбатдан ташқари йиғилиш ўтказади.
Нгуен Суан Фук 2016—2021 йилларда Вьетнам бош вазири лавозимида ишлаган, шундан кейин мамлакат президенти этиб сайланган.
Изоҳ (0)