Бугун, 12 декабрь куни Тошкент шаҳрида «Ипотека банк»даги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев нутқ сўзлаб, Ўзбекистон банки биринчи марта хорижий компанияга сотилганини айтди.
Венгриянинг OTP банкининг Ўзбекистонга кириб келиши рақамлаштириш, банк хизматлари сифатини янада оширишига ишонамиз. Қолаверса, бу келишув икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиради. Биринчи марта хорижий банк Ўзбекистон банкини сотиб олмоқда.«Ипотека банк» Ўзбекистондаги бешинчи йирик банк бўлиб, умумий бозорнинг 8,5 фоизини ташкил этади ва 1,6 миллиондан ортиқ мижозга эга.
Тадбирда OTP банки бошқарув раиси Шандор Чанйи узоқ муддатли мақсад OTP Group’ни Ўзбекистон банк бозорининг асосий иштирокчисига айлантириш эканини айтди.
«Ипотека банк» АТБ бошқаруви раиси Элёр Иномжонов банк сотилган нархни очиқлашни истамади. Унинг айтишича, шартнома якунланса, умумий нарх айтилади.
«Биринчи босқичда банкнинг 75 фоиз давлат улуши сотилади. Қолган 25 фоизи 3 йил давомида Молия вазирлиги қўлида қолади. Якунда қолган 25 фоиз ҳам OTP банкка ўтади», — деди у.Маълум қилинишича, 2020 йил охиридан бошлаб OTP банк Ўзбекистон ҳукумати билан Ўзбекистонда банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этиш имкониятлари бўйича музокаралар олиб бормоқда. 2021 йилнинг кузидаги музокараларда томонлар «Ипотека банк»ни сотиб олиш имконияти бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаган бўлса, бугун олди-сотди шартномасини имзолади.