Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров жамиятдаги муаммолар ҳақида туркум суҳбатлар уюштириб келмоқда. Бу галги суҳбатда муфтий пора олиш ва бериш, коррупциявий ҳолатлардан қайтарди.
Ҳақиқатан ҳам, бугун кўп ижтимоий иллатларнинг гувоҳи бўлиб боряпмиз. Ва аста-секинлик билан ушбу муаммоларни муолажа қилиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Жамиятимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ижтимоий муаммоларга бефарқ эмаслигини кўрсатиб келмоқда.Бугунги суҳбатимизда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ривожланишдан тўхтамаётган, келажакнинг заволи, бахт-саодатни йўққа чиқарадиган, ёшларнинг келажакка бўлган умидини сўндирадиган энг катта иллатлардан бири коррупция ҳақида гаплашамиз.
Динимиз мўмин-мусулмонларни ҳалол яшашга, ҳалол тановул қилишга, ҳалол турмуш қилишга чақиради.
Бир ҳадисда пайғамбаримиз пора олувчини ҳам, пора берувчини ҳам, уларга воситачилик қилувчини ҳам лаънатлагани айтилади. Мана шу учаласидан бири бўлиб қолиш ҳолати бугун жамиятимизда кўпайди. Биз доим олувчини лаънатлаймиз, порахўр деймиз. Лекин уни порахўр қилаётган биз ўзимиз-ку.
Агар биз мана шу ҳадисдан хулоса чиқариб, пора беришни, воситачилик қилишни тўхтацак, коррупция йўқолади.
Жамиятни ривожлантиришдан тўхтатадиган энг катта нарса, энг катта иллат мана шу коррупция. Агар порахўрлик тўхтаса, ривожланиш бўлади, ҳамма нарса ўз эгаси қўлида бўлади.
Қилаётган ҳар бир ҳаракатимизни Аллоҳ таолонинг ризолиги учун қиладиган бўлсак, коррупция деган иллатдан ҳаммамиз қутилиб кетамиз. Ҳаммамизга Аллоҳ инсоф, тавфиқ берсин, — дейди Нуриддин Холиқназаров.
Изоҳ (0)