Эроннинг давлатга қарашли Al-Alam ахборот телеканали мамлакатда ахлоқ полицияси ёпилганини рад этди. Бу ҳақда Al-Arabia хабар берди.
Оммавий ахборот воситаларида 4 декабрь куни ислом республикаси ўзининг ахлоқий полициясини ёпгани ҳақида хабар тарқалган. Хабарларда Эрон Бош прокурори Муҳаммад Жафар Монтазерининг диний анжумандаги сўзлари келтириб ўтилади. Жумладан, Монтазери ахлоқ полициясининг суд тизимига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ва ёпилганини айтган.
Al-Alam Эрон ислом республикасидаги ҳеч бир расмий ахлоқ полицияси ёпилганини тасдиқламаганини қайд этмоқда. Монтазери нутқида ахлоқ полициясининг суд тизимига алоқаси йўқлигини айтмоқчи бўлгани таъкидланади.
«Баъзи хорижий оммавий ахборот воситалари бош прокурорнинг баёнотини ислом республикаси ҳижобдан (қонунлардан) чекинаётгани, бунга сўнгги тартибсизликлар таъсир қилгани сифатида қарамоқда», — дейилади давлат телеканалида.
Сентябрь ойининг охирида Эронда 22 ёшли Маҳса Амини ҳижобни «нотўғри» ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этиши ортидан норозилик намойишлари бошланди. Улар бутун мамлакат бўйлаб ҳалигача давом этмоқда. Намойишлар куч тузилмалари томонидан шафқатсизлик билан бостирилмоқда.
Эрон расмийларига кўра, намойишлар чоғида 200 га яқин одам ҳалок бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, 2 декабрь ҳолатига кўра Эронда 469 намойишчи ўлдирилган, улардан 64 нафари вояга етмаганлар. 18 мингдан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)