Ижтимоий тармоқларда Марҳамат туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишидан норозилиги хусусида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Андижон вилояти прокуратураси расмий муносабат билдирди.
Аниқланишича, «Эрши мева-сабзавот-77» ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Н.Й. ва бошқалар давлат бюджети ҳисобидан 45 нафар ишсиз фуқаронинг кооперативга аъзолик бадали учун ажратилган жами 110 миллион 250 минг сўм субсидия маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат жиноят иши тергови давомида тўпланган далиллар, яъни гувоҳларнинг кўрсатувлари, ҳужжатли тафтиш маълумотлари ва бошқа ҳужжатлар билан ўз исботини топган. Шунга кўра, жиноят иши тергови якуни бўйича Н.Й. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «г» банди ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.
Жиноят иши ҳозирда ЖИБ Марҳамат тумани суди томонидан кўрилмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)