Европа Иттифоқи 2035 йилдан бошлаб электромобилларига тўлиқ ўтишга келишиб олди. Иттифоққа аъзо давлатлар ўз ҳудудида 13 йилдан кейин ички ёнув двигателли янги автомобилларни сотиш ва рўйхатдан ўтказишни тақиқлайди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Қарор Европа комиссияси ва Европа парламенти томонидан маъқулланган. Шу билан бирга, бир қатор йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилари, хусусан, Volkswagen, Yaguar, Ford, Bentley Motors, Peugeot, Citroen ва Fiat 2035 йилгача ўзларининг Европа линияларида фақат электромобилларни қолдиришларини эълон қилди.
Таъкидланишича, мазкур келишув етакчи концернлар бошқа минтақалар учун анъанавий автомобиллар ишлаб чиқаришни давом эттиришини истисно қилмайди.
2035 йилдан бошлаб бензин ва дизель двигателли янги автомобилларни сотишни тўлиқ тақиқлашдан ташқари, Европа Иттифоқи давлатлари CO2 эмиссиясининг янада кескин стандартларини жорий этишга келишиб олди.
2030 йилга келиб уларни 2021 йил даражасига нисбатан 37,5 фоизга эмас, аввалроқ режалаштирилганидек 55 фоизга камайтиришга қарор қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистонда икки йилда электромобиль импорти 20 баробар ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)