Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоевнинг Канада—Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раиси З.Абултаиф билан видеоконференция форматида учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида томонлар сиёсат, иқтисодиёт ва парламентлараро ҳамкорлик соҳаларида Ўзбекистон—Канада ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Бундан ташқари, учрашувда таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш, хусусан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Алберта университети ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Парламент аъзоси бу соҳадаги ҳамкорлик истиқболларини қайд этиб, Канаданинг тегишли муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ахборот алмашиш, илмий-услубий ресурсларни жалб қилиш, қўшма илмий-тадқиқот дастурлари ва стажировкаларни ташкил этишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.
Канада парламенти вакиллари билан учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон—Канада парламентлараро муносабатлари масалалари юзасидан доимий алоқаларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.
Мавзуга доир: Ўзбекистон парламенти депутатлари Германия Бундестаги тажрибасини ўрганмоқда
Изоҳ (0)