Андижонда тўрт қаватли мактаб биноси томида барпо этилган иссиқхонада гидропоника усулида резавор ва сабзавотлар етиштирилмоқда. Бу ҳақда EastFruit хабар берди.
Андижон вилояти Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич жойлашган вилоятидир. Бу ҳудудда аҳоли зичлиги мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан қарийб 10 баробар юқоридир.
Андижон шаҳри эса бир квадрат километрга тўғри келадиган аҳоли сони бўйича мамлакат пойтахтидан кейин иккинчи ўринда туради.
Шу боис ҳам, шаҳар ҳудудидан самарали фойдаланиш мақсадида бинолар томида иссиқхона қуриш технологияси ўзлаштирилмоқда.
«XXI аср академияси» хусусий мактабининг тўрт қаватли биноси томида гидропоника усулида барпо этилган иссиқхонанинг умумий майдони 4,5 сотих бўлиб, ушбу иссиқхона йилига қарийб 170 миллион сўм даромад келтиради дейилади «Халқ сўзи» нашри материалида.
Бино томида иссиқхона барпо этишнинг ўзига хос афзалликлари бор. Биринчидан, ер майдонига эҳтиёж йўқ, яъни, иссиқхона учун бино турган жойдан фойдаланилади. Иккинчидан, экинлараро ҳаво айланиши яхши. Учинчидан, қуёшдан қувват олиш имкони кўпроқ. Айни пайтда иссиқхонамизда қулупнай, булғор қалампири, бодринг ва помидор парваришламоқдамиз. Гидропоника усулидан фойдаланаётганимиз боис ҳосилдорлик анъанавий усулдагига нисбатан бир неча баробарга ортиқ, — дейди тадбиркор аёл Шаҳнозахон Шодмонова мазкур нашрга берган интервьюсида.
Бу турдаги иссиқхоналар шаҳар майдонларидан тўлиқ фойдаланиш, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради ва маҳсулот етиштириш харажатлари одатий фермаларга нисбатан камроқдир.
Мазвуга доир:
Изоҳ (0)