Minerva City’га ер ажратишда ҳокимликлар амалдаги тартибни бузгани сабаб инвесторга берилган ҳудуд «классик» усулда – прокурор аризаси ва суд қарори билан тортиб олинган. Инвестор Мурали Лал Жалан Kun.uz’га берган интервьюсида ернинг олиб қўйилишини ҳоким талабини бажармагани билан боғлаб тушунтирди.
Ўзи нима бўлганди?
2018 йилнинг 28 сентябрь куни MJ Developers Ўзбекистон ҳукумати билан 100 миллион долларлик сармоя шартномасини имзолаб, ўзининг 4 та йирик лойиҳасига сармоя киритишни бошлаган. Дастлаб Бухорода 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши, кейинроқ Наманганда Namangan Square, Тошкентда Minerva city «ақлли» шаҳарчалари ҳамда Бектемир туманида Lake City сунъий кўли қурилиши бошланган.
Маълум бўлишича, ҳозирда Бухоро ва Намангандаги ишлар муаммосиз давом этмоқда.
Бошида пойтахтдаги қурилишлар ҳам бир маромда кетаётганди. 2020 йилда Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 100 гектар ҳудудда шопинг ва бизнес марказлари, меҳмонхоналар, турар жойлар ва яна қатор бинолардан иборат Minerva city номли ақлли шаҳарча қурилиши старт олди.
Лойиҳанинг бир қисми ҳисобланган халқаро университет биносининг тамал тошини қўйиш маросимида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам қатнашиб, лойиҳа барча учун оламшумул бўлиши, бу жараёнда сармоядорларга ҳар тарафлама ёрдам берилиши ва уларга имкониятлар очиб берилишини айтганди.
Орадан салкам 3 йил вақт ўтди. Ҳудудда турар жой мажмуаларининг бир қисми бунёд этилди. Аммо ҳозирга келиб ишлар тўхтаб қолган.
Ижтимоий тармоқларда турар жой мажмуаларига тўлов қилган икки юздан зиёд фуқароларнинг шикоятлари тарқалди. Улар хонадон калитларини ҳануз олмагани, берган пуллари эса белгиланган муддат ўтган бўлса-да, қайтарилмаганидан норози.
Kun.uz вазиятга ойдинлик киритиш ва баъзи саволларга жавоб топиш мақсадида MJ Developers компанияси асосчиси, инвестор Мурари Лал Жалан билан суҳбатлашди.
— Келинг, дастлаб Ўзбекистонга келишингиз ҳақида гаплашсак. Ўзбекистонда тадбиркорлик қилишга сизни нима етаклади?
— Сўнгги 30 йилдан бери асосан МДҲ давлатларида ишлаб келяпман. Биласизми, Ўзбекистон ҳақида жуда кўп эшитгандим. 2018 йилда Ўзбекистон президенти Ҳиндистонга расмий ташриф билан бориб, мамлакат бош вазири Нарендра Моди жаноблари билан учрашган. Ўшанда турли масалалар бўйича музокаралар олиб борилган. Шундан сўнг Ўзбекистонга 100 млн долларлик сармоя киритиш мақсадида давлатлар ўртасида асосий битим имзоланди.
Албатта, Ўзбекистон ҳақида бир қанча таассуротим бор эди. 2017 йилдан кейинги ўзгаришларни кўриб, ҳатто бироз ҳайратландим ҳам.
Қолаверса, Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга қилган ташрифи давомида элчихонамиз, ҳукуматимиз сайтларида Ўзбекистонга сармоя киритиш бўйича тавсиялар берилгач, шу ерга келишга қарор қилдим.
— Адашмаётган бўлсак, Minerva city лойиҳасини амалга ошириш бошланаётганда бош вазир Абдулла Арипов, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шахсан ўзлари сизни қўллаб-қувватлашган эди, тўғрими?
— Шубҳасиз, улар бизни қўллаб-қувватлаган эди. Дастлаб Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан бош вазир билан учрашув ташкил этилди ва ўша учрашувда бизга Ўзбекистонда бирор лойиҳани амалга ошириш таклифи берилди. Бундан кейин биз Тошкент шаҳар ҳокими билан ҳам кўришдик. Уларнинг қўлловидан сўнг меморандумлар имзоланди.
Бу жараёнда жуда кўп ишлар бўлиб ўтди. Ўша самарали учрашувларимиздан сўнг 2019 йилнинг 12 август куни бош вазир томонидан инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусан, Minerva city’да ақлли шаҳрини қуриш лойиҳаси бўйича 5-сонли ишчи гуруҳи протоколи имзоланди.
Унга кўра, ҳудудда IT, тиббиёт ва бизнес марказлари, кутубхоналар, меҳмонхона, голф-клуб биноси, боғча ва хорижий мактаблар каби муассасалар қурилиши режа қилинган.
Худди шу йилнинг 29 августида яна бир инвестицион шартнома Minerva World of Knowledge МЧЖ, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида имзоланганди.
Шунингдек, орада ўтказилган бошқа учрашувда ҳокимиятдагилар кўндирганидан кейин, Роҳат кўлини ривожлантириш лойиҳасини ҳам ўз зиммамга олдим. Тўғриси, бу кўп муҳокамаларга сабаб бўлган лойиҳага унча қизиқмаган эдим. Мен тушунтирдим, бу лойиҳа етарлича режалаштирилмаган ёки лойиҳалаштирилмаган. Бу борада муросага келиш мумкин эди, чунки бошқа лойиҳаларни аллақачон бошлаган эдик.
Ўша йили 23 октябрда Lake City Township МЧЖ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида 397-сонли инвестиция шартномаси имзоланган. Унга кўра, лойиҳада Бектемир туманида аквапарк, бассейнлар, кўнгилочар мажмуалар, шифохона, дўконлар ҳамда шу каби бинолар қурилиши келишиб олинган.
— Minerva city лойиҳасига қанча пул сарфланган? Шундан қанчаси ўз инвестициянгиз ва қанчаси уй-жой учун одамлардан олинган пуллар?
— Лойиҳа учун киритган жами сармоямиз салкам 30 млн долларни, харидорлардан тушган маблағ эса 4,8 млн долларни ташкил этади. Ва бунда барча архитекторларга, консалтинг хизматларига тўланган суммалар киритилмаган. Умуман олганда, биз томонимиздан Minerva city ва Lake City лойиҳаларига 34 млн доллардан ортиқ инвестиция киритилган.
Бу жараёнда Ўзбекистондаги ҳеч қайси банкдан кредит олинмаган.
— Лойиҳа бошида бош вазир ва ҳокимнинг сизга нисбатан муносабати қандай бўлган ва ҳозирга келиб бу муносабат нима сабаб ўзгариб қолди?
— Ана энди нима учун муносабатлар ўзгаргани ҳақида гапирсак. Бир неча ой ўтди, лекин Minerva city ва Lake City лойиҳалари учун тўлиқ бош режани ололмадик. Мен бу борада Тошкент шаҳар ҳокими билан учрашиб олишни сўрадим, аммо ҳоким бу таклифни рад этди. Шундан кейин кутилмаганда прокуратура, экология, ёнғин хавфсизлиги бошқармалари каби давлат идоралари ходимлари қурувчиларнинг ишига халал бера бошлашди.
Энг йирик қурилиш компанияларидан бири билан музокараларни якунлаб, энди шартнома имзолаймиз деганимизда, улар бирданига бундан воз кечишди. Билсак, Тошкент шаҳар ҳокимияти уларга биз билан шартнома имзоламасликни маслаҳат берган экан. Шаҳар ҳокимияти нафақат қурилиш ташкилотлари, балки қатор давлат идораларига ҳам тез-тез текширувлар ўтказиш бўйича кўрсатмалар берибди. Ҳоким билан учрашиш борасидаги барча сўровларимиз эса рад этилди.
2021 йил март ойида Жаҳонгир Ортиқхўжаев мени ҳокимлик биносига чақириб, шантаж йўли билан қўпол муомала қилди. Менга 2 та йўл қолдиришди: ё лойиҳаларимдан бирини, масалан, Бектемир туманида жойлашган Lake City’ни амалга оширишдан расман воз кечишим, ё 100 миллион долларни депозит сифатида банкка жойлашим керак эди. Мен ҳокимга келишувдан ташқари ҳеч ким янги талаблар қўймаслигини, тадбиркор сифатида 7 йил ичида сарфланиши керак бўлган пулни кимнингдир ҳожати учун олдиндан ўтказиш қийинлигини тушунтирдим.
Аммо ҳоким агар ўз хоҳишим билан шу ишдан бирини қилмасам, Minerva city’ни ҳам, қолган барча лойиҳаларим ҳам олиб қўйилишини ва Ўзбекистонда кун кечиришим қийин бўлишини айтди. Бошида шартномани имзолаётганимизда, барча келишувга амал қилиниши ва мажбуриятлар бажарилиши ваъда қилганди, энди эса ҳоким бу мамлакатда шартномалар ҳеч қандай рол ўйнамаслигини таъкидламоқда.
— Ижтимоий тармоқларда кўплаб фуқаролар ҳануз Minerva city’дан уй олишолмагани ёки пулларини қайтаришмагани бўйича норозилик билан чиқишди. Бу муаммони ҳал қилиш сизга боғлиқми?
— Ижтимоий тармоқларда турли видеолар билан чиқаётган фуқароларнинг хавотирларини албатта тушунамиз, улар киритган маблағларига куйиб қолишдан, умидлари сўнишидан қўрқишмоқда. Бу борада компаниямиз харидорлар билан суҳбатлашиб, 3 ой муддатда уларга маблағларини қайтариш бўйича келишув қилишди. Тўғри, муаммо ҳал бўлиб қолгани йўқ, лекин биз пулларни қайтаришда давом этяпмиз.
Аммо бу лойиҳалар тўхтайди, жараён давом этмайди дегани эмас. Биз Ўзбекистон президентининг сиёсатига ишонамиз ва умид қиламизки, муҳтарам президент мен каби инвесторларни қўллаб-қувватлаб, лойиҳани амалга оширишимизда ёрдам беради. Ҳатто ишончим комилки, жаноб президент бу вазиятни ўзгартира олади ва харидорларимиз бу уйларни олишида муаммо бўлмайди. Уларнинг ёрдамидан умидвормиз.
Шуни ҳам маълум қиламиз, Minerva city’даги кўплаб хонадонлар тайёр бўлиб қолди.
— Турли нашрлар сиз ҳақингизда салбий хабарлар ёзмоқда, гўёки Мурари Лал Жалан бир нечта давлатда жиноят содир этиб, қидирувга берилган. Бу гапларга қандай изоҳ берасиз?
— Мен дунёдаги бирор мамлакатда қидирилаётганим йўқ. ОАВ қандай қилиб бу ҳақда гапирмоқда ва бу хабарни қаердан олишди, билмайман. Ҳақиқатан ҳам қидирилаётган бўлганимда, жиноят содир этганимда Ўзбекистоннинг қатъий қонунчилиги сабаб аллақачон ушланган бўлар эдим. Мободо, биз тарафдан қандайдир хатолик ўтган тақдирда Ўзбекистон Республикаси томонидан чоралар кўрилган бўлар эди.
— Ака-ука Гупталарга алоқаси бор деган гапларга қандай жавоб берасиз? Боиси Гупталар кўплаб давлатларда коррупция билан боғлиқ жиноятлар қилишда айбдор деб топилган ва ҳозирда қидирувга берилган экан. Бу борада нима дея оласиз?
— Хўп, бу ҳақда билганимча гапириб бераман. Кўриб турганингиздек, ҳинд нашри ҳам бу хабарни ўзи аниқлаб берган эмас, балки ғарб ОАВларидан олишмоқда. Ва мен бунга батафсил тўхталмоқчи эмасман.
Қолаверса, шуни биламанки, бу ердаги барча гаплар ҳам тўғри эмас. Чунки барча халқаро нашрлар: ўша ғарбда ҳам, ҳиндларда ҳам бир-бирига қарама-қарши бўлган хабарлар бериляпти. Биттаси бундай деса, иккинчиси умуман бошқа гапни айтяпти. Шунинг учун буларга ишониб қолиш керак эмас.
Бундан ташқари, ака-ука Гупталарнинг мени лойиҳаларимга умуман алоқаси йўқ. Уларнинг қариндошлари орасидан бизга келин ёки куёв бўлиб тушганлар бор, холос. Қариндошлигимиз шунда, улар билан бошқа ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Бизнес борасида ҳам яқин эмасмиз. Мен барча сармояни банкдаги ҳисобрақамимдан сарфлаганман. Ва бу ҳисобрақамим Дубайда жойлашган.
Инвестор манфаатлари ҳимоя қилинмаётгани айтилмоқда
Minerva City лойиҳаси учун 100 гектар ерни Тошкент вилояти ва Зангиота тумани ҳокимлари ажратиб берган. Орадан маълум вақт ўтгач, Тошкент вилояти прокурори судга даъво киритиб, унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари қонунчилик талабларига зид ажратилганини билдирган ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларни бекор қилишни сўраган. Суд бу талабни қаноатлантирган; кейинги инстанцияларда, хусусан Олий судда ҳам дастлабки суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
MJ Developers компаниясининг Kun.uz'га маълум қилишича, нафақат Minerva city, балки Lake city лойиҳаси тўхтатилишига ҳам қурилиш учун ер ажратиш тўғрисидаги қарорлар бекор қилингани сабаб бўлган. Компаниянинг ҳисоблашича, ҳар иккала лойиҳа бўйича ҳам уч томонлама шартномаларда қурилиш учун мўлжалланган ерлар харитаси ва манзиллари аниқ кўрсатилганига қарамай, қарорларни нотўғри чиқариш ёки ноқонуний бекор қилиш орқали инвестор манфаатлари ва унинг Ўзбекистонга киритаётган инвестицияси ҳимоя қилинмаяпти.
Компания ҳуқуқшуносининг айтишича, мазкур жараён 2019 йилда қабул қилинган «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси (Қонунчиликнинг инвестор учун ноқулай ўзгаришларига қарши кафолатлар) бузилишига олиб келмоқда. Инвестор томони судларда иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ ўрганилмаганини даъво қилмоқда.
Шунингдек, ҳуқуқшуноснинг қўшимча қилишича, Minerva City турар жойлари учун тўлов қилган 200 нафардан зиёд фуқаролар билан компания ўртасида тузилган асосий шартномаларга кўра, улушдорларга шу йил декабрь ойида ва кейинги йил январь февраль ойларидан бошлаб хонадонлар топширилишига келишилган. Аммо инвесторга боғлиқ бўлмаган муаммо тўсатдан пайдо бўлгандан сўнг, компания бўлаётган муаммолар ҳақида мижозларни олдиндан бохабар қилиш мақсадида уларни бош сотув офисига чақирган ва пулларини қайтариб бериш бўйича келишувга эришган.
Kun.uz мухбири Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Материал эълон қилингач, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳри ҳокимлиги муносабат билдирди.
Унга кўра, Мурали Лал Жаланнинг интервьюсида Тошкент шаҳри ҳокимига нисбатан айтган гаплари ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар давлат хизматчисини обрўсизлантиришга қаратилган деб ҳисобланади.
Мурали Лал Жалан гапларининг асосли ёки асоссизлигини текшириш учун ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилинади. Барча оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ушбу ҳолатни қонуний асосда ўрганиб чиқилгунга қадар, асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақирамиз, — дейилади хабарда.
Изоҳ (1)
Shu tugrimi yuqmi bilmadim lekin shu eb tuymaslarni deb milionlab uzbeklar mardikor bulib yuribti.