Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси кўмагида «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси раиси Даврон Саматов бошчилигидаги мамлакат делегацияси Дубайда бўлиб ўтган Global Gold Convention 2022 кўргазмасида иштирок этди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, тадбирда Ўзбекистоннинг инвестиция ва экспорт салоҳияти ҳамда заргарлик саноати тараққиёти юзасидан тақдимот уюштирилган.
Ўзбекистон вакиллари Осиё, Яқин Шарқ ва Африка давлатларида олтин саноати ривожланиши тенденциясига бағишланган муҳокамаларда иштирок этиб, хориж томонига мамлакатда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берган.
Бундан ташқари, «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси вакиллари IBMC International, ТVТ consulting ва Stuart and Hamlyn компаниялари билан икки томонлама музокаралар ўтказган. Унда жаҳон олтин бозорининг ҳолати ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.
Ўзбекистон делегацияси сафар давомида, шунингдек, Дубайдаги Siroya Jewellers компанияси фаолияти билан танишган. Компания раҳбари Р.Жаин билан ҳамкорлик масалалари, жумладан, Ўзбекистонга инвестиция киритиш, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқишда солиқлар ва божхона тизими имкониятлари муҳокама қилинган.
Бўлиб ўтган суҳбат интиҳосида Ўзбекистон бозорини ўрганиш ва инвестиция киритиш имкониятларини таҳлил қилиш учун 2023 йилда Siroya Jewellers компанияси делегациясининг мамлакатга амалий сафарини уюштиришга келишиб олинган.
Изоҳ (0)