Украина Қуролли кучлари бош стаби Беларусдаги касалхоналар ярадор ва касал рус аскарлари билан тўлиб-тошгани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда BBC рус хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, бир сутка давомида Россия армияси Луганск ва Донецк вилоятларидаги Украина позицияларига ҳужум қилишга уриниб кўрди. Херсон вилоятида Украина ҳарбийлари қайта эгалланган аҳоли пунктларини озод қилишда давом этмоқда. Шу билан бирга, рус армияси Днепрнинг чап қирғоғида мудофаа позицияларини қурмоқда.
Сўнгги 24 соат ичида у ердан тўртта ракета ва 16 та ҳаво зарбаси берилди, бир нечта ракета тизимларидан 40 дан ортиқ ҳужум уюштирилди. Запорожье, Черкас, Харьков ва Донецк вилоятларидаги 20 дан ортиқ аҳоли пунктлари ҳам Россия қўшинлари томонидан ҳаво ва ракета зарбаларига учраган, дея хабар беради Украина Бош штаби 13 ноябрдаги ҳисоботида.
Шунингдек, ҳисоботда Украина Беларусь ҳудудида Россия—Беларусь қўшинлари гуруҳининг шаклланишини кузатишда давом этаётгани, разведка маълумотларига кўра, Брест вилоятининг рус армияси жойлашган ҳудудларида ижтимоий соҳага юк сезиларли даражада ўсгани таъкидланди. Хусусан, маҳаллий касалхоналар чодир лагерларидаги ёмон шароит туфайли ярадор ва касал бўлган россиялик ҳарбий хизматчилар билан тўлиб-тошган.
«Натижада шифокорлар даволанишга муҳтож бўлган Беларусь фуқароларига хизмат кўрсатишдан бош тортишга мажбур», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари Бош штаби 12 ноябрь куни сафарбар қилинган руслар орасидан яна бир қисми Запорожье вилоятининг босиб олинган Мелитопол шаҳрига етиб келгани, сўнг озиқ-овқат, кийим ва кўп миқдорда спиртли ичимликлар сотиб олишни бошлаганини қўшимча қилди.
BBC очиқ манбалар асосида 11 ноябрь ҳолатига кўра, Украинада 8712 дан нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини аниқлади. Улар орасида камида 163 киши сафарбар қилинганлардан. Улардан яна 35 нафари фронтга юборилгунга қадар Россиянинг ўзида вафот этган.
Изоҳ (0)