Фарғонада алимент тўловидан қарздорлиги бўлган 17 минг 273 нафар отанинг республика ҳудудидан четга чиқиши вақтинча чекланган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида алимент ундириш билан боғлиқ 33 минг 122 та ижро ҳужжати бўйича 93 миллиард 36 миллион сўм ундирилиб, вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминоти учун ўтказиб берилган.
Давлат ижрочилари томонидан қарздорлар ва ундирувчилар билан олиб борилган суҳбатлар ҳамда оилаларни яраштириш бўйича кўрилган чоралар натижасида 1 минг 197 та оила қайта тикланган.
Тўққиз ой давомида 1081 нафар алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан суд қарорлари билан маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Бу чорадан кейин ҳам алимент тўламагани учун 78 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Давлат ижрочилари томонидан алимент тўловларини ундириш бўйича кўйилган чоралар натижасида қарийб 2 миллиард 62 миллион сўм алимент пуллари олдиндан ундирилган.
Изоҳ (0)