Рамзан Қодиров Telegram’да Херсон вилоятидаги чечен бўлинмаларидан бирининг 23 жангчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Яна 58 киши яраланган, дейди Чеченистон раҳбари. Унинг сўзларига кўра, ўша жангда 70 нафар Украина аскарлари ҳам ҳалок бўлган.
Қодиров Чеченистон расмийлари ҳалок бўлган аскарларнинг яқинларига барча зарур ёрдамни, жумладан, уларнинг оилалари учун муқаддас Маккага зиёратни ташкил этишига ваъда берди. Қодиров «ҳар бир аскарнинг дафн маросими учун 1 миллион рубль ажратамиз, яна 12 миллиони давлат томонидан оилага тўланади, ярадорлар эса уч миллион олади», деб ёзган.
25 октябрь куни Украинанинг Херсон вилояти ҳарбий округи раҳбари Сергей Хлан Украина Қуролли кучларининг чеченлар базасига уюштирган ҳужуми оқибатида 40 дан ортиқ чечен ҳалок бўлгани ва икки юзга яқини яралангани ҳақида маълум қилганди. Украина Қуролли кучлари Бош штаби эса ўзининг кечки ҳисоботида Херсон вилоятининг Каирй қишлоғидаги мактабга зарба берилгани ва оқибатида «30 га яқин одам» ҳалок бўлганини таъкидлаган. Қодировнинг 27 октябрь куни чоп этилган постига қадар Россия томони чеченистонлик жангчиларнинг Херсон вилоятида ҳалок бўлгани ҳақида бирор изоҳ бермади.
Изоҳ (0)