Профессионал таълим муассасалари (коллеж ва техникумлар)да 2022/2023-ўқув йили учун барча босқичдаги ўқувчиларнинг тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорлари 2021/2022-ўқув йили учун белгиланган миқдорларда сақлаб қолинади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, таҳсил олаётган ўқувчиларга қулай шароитлар яратиш, ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун имкониятларни кенгайтириш, уларнинг ота-оналарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамда аҳоли тўлов қобилиятини инобатга олган ҳолда, истисно тариқасида, ушбу миқдор ўзгаришсиз қолдирилади.
Маълумот учун, 2022 йил коллеж ва техникумларга кундузги таълим шакли бўйича 15 815 нафар ўқувчи давлат гранти асосида қабул қилинди.
Шунингдек, профессионал таълим муассасаларига ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўқувчилар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари белгиланган тартибда қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.
Изоҳ (0)