Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган цехларнинг бирида газ чақнаши оқибатида портлаш юз берган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Анвар Рустамов «Дарё»га маълум қилди.
Анвар Рустамовнинг айтишича, 21 октябрь куни кечки соат 01:40 лар атрофида Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тезкор бошқарув марказига Мирзо Улуғбек туманидаги «Алишеробод» маҳалласида жойлашган металларни бўяш цехида ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
«Хабарга кўра махсус қутқарув кучлари воқеа жойига жалб қилинган. Воқеа жойига етиб келинган вақтда 20 метр квадрат майдонда ёнғин рўй бергани ҳамда ҳаво ва газ чақнашига ўхшаш портлаш юз бергани кўринган. Ўрганишлар натижасида пропан газ баллонининг чақнаганлиги шу билан бирга, ёнғин келиб чиққани маълум бўлган. Юзага келган вазият натижасида иккита фуқаро куйиш тан жароҳати натижасида шифохонага олиб борилган», — деди Анвар Рустамов.
Унинг қўшимча қилишича, айни вақтда ушбу ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда ва туман прокуратураси терговга қадар текширув ишларини олиб бормоқда.
Аввал ҳам шу жойда ёнғин юз берган
Портлаш юз берган ҳудудда 2021 йилнинг март ойида кечаси ёнғин юз берган эди. Оловни ўчириш вақтида ушбу ишлаб чиқариш ҳудудида ишлаган 42 ёшли эркак мурдаси топилган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, у сувга чўкиб, нафас йўлларининг суюқлик билан беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия оқибатида вафот этган. Мурданинг пешона, бурун, елка ва панжаларида куйиш жароҳатлари ҳам аниқланган.
Ҳолат бўйича Қибрай туман прокуратураси томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига (гумон қилинувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани учун айбсиз деб топиш ва реабилитация этиш) асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган.
Изоҳ (0)