Кучли шамол сабаб Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги 23 та маҳалла электр токисиз қолди, ҳокимлик биносининг томи қулаб тушди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Бугун Бойсун туманида бошланган кучли шамол 23 та маҳалладаги электр симларида қисқа туташувларни юзага келтириб, истеъмолчиларни электр энергиясидан узиб қўйган. Алоқа симларида ҳам узилишлар содир бўлган. Иккита трансформаторда носозлик рўй берган.Шунингдек, кечга яқин туман ҳокимлиги биносининг том қисмини қулатган. Мутахассислар ҳодиса содир бўлиши олдидан шамол тезлиги янада кучайганини айтмоқда, — дейилади вилоят ҳокимлиги ахборотида.
Қўшимча қилинишича, табиий офатдан теварак-атрофдаги транспорт воситалари ва йўловчилар жабрланмаган.
Айни пайтда ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Юзага келган носозликларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида туман ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, зарур чоралар кўрилмоқда, — дейилади ҳокимлик хабарида.
Мавзуга доир: Ўзбекистон тоғларида қор ёғгани айтилмоқда (фото, видео)
Изоҳ (0)