Эгей денгизидаги Грециянинг Китера ва Лесбос ороллари яқинида бирйўла иккита муҳожирлар қайиғи ҳалокатга учради. Фожиа 6 октябрга ўтар кечаси юз берди, оқибатда камида 15 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Kathimerini.
Қайд этилишича, Лесбос ҳудудида чўкиб кетган қайиқда 40 га яқин одам бўлган. Улардан 15 нафари ҳалок бўлди, яна ўн нафари қутқарилди. Муҳожирларнинг бир қисми қирғоққа ўзи чиққан. Қутқарув хизматлари операцияни давом эттирмоқда.
Баланд қоялардан иборат Китера соҳилида ҳалокатга учраган қайиқ бортида эса 95 киши бўлган. Уларнинг аксарияти – 80 нафари қутқариб олинди, операция давлат ва кўнгилли ташкилотлар иштирокида давом этмоқда.
Қутқарув ишлари ёмон об-ҳаво сабаб мураккаблашмоқда, ороллар яқинида кучли шамол эсмоқда.
Изоҳ (0)