Янги Наманган туманида кредит маблағини ўзлаштирган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Янги Наманган туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «Д.А.» МЧЖ раҳбари А.У. «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси вилоят филиали бош мутахассиси А.А. билан ўзаро тил бириктириб, тижорат банкининг кредит маблағи эвазига сотиб олинган 380 миллион сўмлик тикувчилик дастгоҳларини ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўймасдан, дастгоҳларни нақд пулга сотиб юборгани аниқланган. Улар кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)