Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги комбинатда портлаш юз бергани айтилган хабар ва ҳолат акс этган видеолар тарқалганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан дастлабки маълумот берди.
Унга кўра, 4 октябрь куни соат 08:40 ларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган «Махам-Чирчиқ» АЖ корхонасининг Синтез цехида чақнаш содир бўлгани тўғрисида хабар келиб тушган. Воқеа жойига Тошкент вилояти ФВБ раҳбари бошчилигида ходимлар ва махсус техникалар жалб этилган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги эълон қилган маълумотга кўра, «Махам-Чирчиқ» АЖ қарашли 5-заводда ёнғин содир бўлган, унинг оқибатида ишлаб чиқариш объектида портлаш вужудга келган.
Тошкент вилояти фуқаро муҳофазаси бошлиғи — вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тегишли мутасаддиларга вазиятни зудлик билан бартараф этиш бўйича топшириқ берди. Ҳолат ФВВ ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан дарҳол назоратга олинган. Ҳозирда заводда ёнғинни қуршаб олиш ва ўчириш чораси кўрилмоқда.
«Махам-Чирчиқ» минерал ўғитлар, кимёвий маҳсулотлар, қатронлар, катализаторлар ва халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқаради.
Изоҳ (0)