Бундан қарийб бир ой аввал халқаро экспертлар, олимлар, жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус куз мавсуми бошланиши билан дунёда коронавирус инфекцияси кескин авж олишидан жиддий ташвишда эди. Аммо ўтган ҳафтада коронавирусдан ўлим кўрсаткичи 18 фоизга камайди.
ЖССТнинг навбатдаги баёнотига кўра, ўтган ҳафта давомида Ер шарининг барча нуқталарида жами 3 миллион нафардан ортиқ киши COVID-19 инфекциясини юқтирган. Улардан 9 минг нафарга яқини касаллик оқибатида вафот этган.
Қиёсий кўрсаткичларнинг тасдиқлашича, 19—25 сентябрь саналарида коронавирусга чалиниш ҳолатлари ундан аввалги ҳафтага нисбатан 11 фоизга, вафот этганлар сони эса 18 фоизга камайган. Инфекция аниқланиши билан боғлиқ сезиларли пасайиш динамикаси Африка (-33 фоиз) ва Ғарбий Тинч океани минтақаси мамлакатларида (-19 фоиз) кузатилди. Ўлим ҳолатлари эса Африкада 34, Европа ва Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақаларида эса 26 фоизга камайган.
Ҳафта давомида рўйхатга олинган беморлар сони бўйича Япония етакчилик қилди — қарийб 536 минг киши. Кейинги ўринни 361 мингдан зиёд ҳолат билан АҚШ эгаллади. Шунингдек, Россияда 354 мингга яқин, Хитойда 292 мингдан ортиқ, Германияда эса 249 минг кишига коронавирус ташхиси қўйилди.
Энг кўп беморлар ўлими АҚШда кузатилди. Мамлакатда ўтган ҳафтада 2484 киши COVID-19 қурбонига айланди. Қолаверса, Россияда 712, Японияда 659, Хитойда 497 ва Бразилияда 450 нафар одам хасталик туфайли вафот этди.
Изоҳ (0)