Ҳокимликлар озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини пасайтириб кўрсатгани сабабли етказиб бериладиган маҳсулотлар сифати пасаймоқда. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Норбоева давлат болалар боғчаларида овқатланишни ташкил этиш ҳолати юзасидан ўтказилган йиғилишда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги мажлисида давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатланишни ташкил этиш тизимидаги муаммоларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи олдида турган вазифалар кўриб чиқилди. Йиғилишда Сенат раиси Танзила Норбоева тизимдаги ютуқлар билан бирга, қатор камчиликларни ҳам санаб ўтди.
«Ҳокимликлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари пасайтириб қайд этилмоқда. Натижада етказиб бериладиган маҳсулот сифатининг пасайиши ёки ҳажмининг камайиши кузатилмоқда. Туман МТБ мутахассислари, давлат МТТ директорлари ва бошқа ходимлари овқатлантириш билан боғлиқ лавозим мажбуриятларини ҳамда ҳуқуқларини билмайди», — деди Сенат раиси.
Маълум қилинишича, боғчаларда болаларни аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этишда қатор жиддий камчиликлар мавжуд. Хусусан, уларни назорат қилиш механизмлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Овқатлантириш тизимида инсон омилининг юқорилиги коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.
Йиғилишда масъул вазирликларга давлат боғчаларида болалар учун ягона мавсумий таомномалар ишлаб чиқиш ва бир бола учун сарфланадиган йиллик маблағ миқдорини ҳисоблаш топшириғи берилди.
Изоҳ (0)