Киевда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг кортежи иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видео ижтимоий тармоқларга жойланди.
Украина ОАВлари автоҳалокат юз берган жойдан олинган видеоларни эълон қилмоқда, тахминларга кўра, у ярим тунга яқин Ғалаба майдонида содир бўлган.
Шунингдек, президент кортежи билан тўқнашиб кетган автомобиль ҳайдовчисига биринчи ёрдам кўрсатилаётгани акс этган видео ҳам пайдо бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Киевда енгил машина Украина президентининг автомобили ва ҳамроҳлик қилувчи машиналар билан тўқнашиб кетди. Зеленский шифокор кўригидан ўтказилди, жиддий шикастланишлар аниқланмади.
Президент кортежи билан тўқнашган енгил автомобиль ҳайдовчиси жароҳатлар олган. Президентга ҳамроҳлик қилган шифокорлар унга биринчи ёрдамни кўрсатган, сўнг «тез ёрдам» ходимларига топширган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ЙТҲ юз берган ҳолатни текширмоқда.
Зеленский Киевга Харьков вилоятининг Изюм шаҳридан етиб келган. 14 сентябрь куни Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари томонидан қарши ҳужум пайтида озод қилинган Харьков вилоятининг Изюм шаҳрига келган эди. Изюм апрель бошида Россия қўшинлари томонидан эгалланган эди. Украина Қуролли кучлари сентябрь ойи бошида Харьков ва Херсон вилоятларида бошланган кенг кўламли қарши ҳужум давомида шаҳар устидан назоратни қайтариб олди. Изюм маъмуриятининг маълум қилишича, шаҳар учун жанглар ва оккупация пайтида камида минг нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, бу ҳисобга тиббий ёрдам олиш имконияти йўқлиги сабаб вафот этганлар киритилмаган.
Зеленскийнинг кортежи 2019 йил июлида ҳам ҳалокатга учраган эди, ўшанда у Запорожье вилоятида болаларни олиб кетаётган бир нечта автобуслар билан тўқнашган. Кортеж таркибидаги бир микроавтобусга зарар етган, авария натижасида ҳеч ким жабрланмаган эди. Зеленскийнинг ўзи ҳалокат жойида бўлмаган, у Киевга самолётда учиб кетган.
Изоҳ (0)