Қозоғистон Сенати (парламент юқори палатаси) раиси Маулен Ашимбаев республикада ягона етти йиллик президентлик муддати жорий этилиши тарафдори эканини айтди. Бундай таклиф сентябрь бошида мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан киритилганди.
«Мамлакатимиз фуқароси бир муддатга президент этиб сайланиши учун етти йиллик президентлик муддати жорий этилиши тарафдориман. Бу мамлакатимизда сиёсий рақобатни ривожлантириш имконини беради ва биз мувозанатли рақобатбардош демократик сиёсий тизимни шакллантириш йўлида жиддий қадам ташлаймиз», — деди Ашимбаев.
Унинг сўзларига кўра, бу норма Қозоғистонда ҳокимиятнинг бир шахс қўлида тўпланишини янада чеклайди.
«Етти йил – сайловолди дастурини амалга ошириш, аҳолига берилган ваъдаларни бажариш, мамлакат учун бир қанча йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли муддат. Бу норма Қозоғистондаги сиёсий ислоҳотлар дастурининг бир қисми. У ҳокимиятни монополиядан чиқариш йўлида яна бир муҳим қадам ташлаш имконини беради», — деб тушунтирди Сенат раиси.
1 сентябрь куни Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат халқига мурожаатномасида жорий йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловлари ҳамда 2023 йилнинг биринчи ярмида парламент ва маслаҳатлар (маҳаллий вакиллик органлари)га навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини маълум қилди.
Давлат раҳбари, шунингдек, президент ваколатларини ҳозирги беш йиллик икки муддат эмас, балки етти йиллик ягона муддат билан чеклашни таклиф қилди. У тегишли ташаббусни сайловдан сўнг парламентга кўриб чиқиш учун киритишини билдирди. Қозоғистонда навбатдаги президентлик сайлови 2024 йилда бўлиб ўтиши керак эди.
Изоҳ (0)