Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида кредит маблағларини талон-торож қилган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ўрта Чирчиқ туман бўлими томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган. Унда «Н.М.» ва «Т.Н.» хусусий корхоналарини норасмий бошқариб келган У.Б. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки мутасаддилари билан ўзаро тил бириктириб, Э.М. МЧЖга тегишли бинолар ертўласининг ҳар бирини бозор баҳоси 1,5 миллиард ва 1,9 миллиард сўмни ташкил этиши ҳақида сохта баҳолаш хулосаларини тайёрлагани аниқланган. Улар банк филиалидан ажратилган жами 2 миллиард сўм кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)