Ўзбекистонда кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ва зинапоялари ҳафтада бир марта тозаланиши белгиланди
Адлия вазирлиги 29 апрель куни Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Янги қоидаларга кўра, кўп квартирали уйлар учун бошқарув органлари томонидан умумий техник паспорт юритилади. Шунингдек, бошқарув органлари юк кўтарувчи конструкциялар, кузатув камералари ва домофонларнинг соз ҳолатда сақланишини, хом ашё, материаллар, ёқилғи, инвентар ҳамда хўжалик анжомларини харид қилишни таъминлайди.
Кўп квартирали уйларнинг фасад қисмида ва умумий фойдаланиш ҳудудларида мулкдорлар умумий йиғилиши қарори билан меъморий деталлар, реклама, афиша ва эълонларни ўрнатишга рухсат берилади. Шунингдек, уй ичидаги шовқин даражаси белгиланган санитария меъёрларидан ошмаслиги шарт.
Уйларнинг зинапоялари, лифтлари, чиқинди камераси, чиқиндиларни тўплаш мосламалари, ертўлалари ва бошқа умумий ҳудудлари, шунингдек туташ майдонлар заруратга кўра бошқарув органи томонидан дератизация, дезинсекция ва дезинфекция қилинади. Агар ертўладаги қувурларда авария юз бериб, сув ёки оқова сув тўпланиб қолса, бошқарув органи 24 соат ичида ертўлани сув ва оқова массаларидан тозалаши шарт.
Бундан ташқари, кўп квартирали уйларнинг лифт хоналари ҳафтада бир марта тозаланади ва лифт ускуналари доимий техник мониторингдан ўтказилади. Янги тартиб кўп квартирали уйларни сақлаш сифати ва санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган.
2026–2030 йилларда айрим шаҳар ва туманларда кўп квартирали уйларни кластер асосида бошқариш тизими ҳуқуқий эксперимент сифатида синовдан ўтказилиши хабар қилинганди. Эксперимент доирасида уйлар ҳолатига қараб тоифаларга ажратилиб, камида 7 минг хонадондан иборат лотлар шакллантирилади ҳамда бошқарувчи ташкилотлар мулкдорлар томонидан “Менинг уйим” тизими орқали танланади.