Фарғона вилоятидаги «Фарғона» чегара божхона постида ярим килограммдан зиёд тиллани яшириб олиб ўтишга уринган шахс тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар бермоқда.
«Фарғона» чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан Ўзбекистонга ўтиш мақсадида ҳаракатланаётган фуқаро Н.Н. пост «кириш» пиёдалар залининг «яшил» йўлагидан ҳаракатланаётган вақтида ходимларда шубҳа уйғотгани сабабли тўхтатилиб, «қизил» йўлакка йўналтирилди. Шундан сўнг унга тегишли бўлган қўл юклари божхона назоратидан ўтказилди.
Натижада фуқарога тегишли бўлган сумка ичида металлдан ясалган заргарлик буюмларига ўхшаш товарлар борлиги аниқланди. Кўздан кечириш давомида мазкур товарлар божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, умумий қиймати 233 миллион сўмлик 518 граммга тенг бўлган 49 турдаги заргарлик буюмлари экани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)