Расмий маълумотларга кўра, Қизил майдондаги парад давомида ҳарбий техникалар намойиш этилмайди, мобил алоқа чекланади, ҳатто алоқа тизимларининг айрим тармоқлари вақтинча ўчириб қўйилиши ҳам мумкин. Бу чоралар оддий хавфсизлик чоралари эмас.
Хўш, бундай қатъий чоралар аслида нимадан дарак беради? Қуйида Россия элитаси ичидаги пинҳона “уруш” ва Кремльни қамраб олган қўрқув ҳақида сўз юритилади.
Ғалаба шукуҳи ва хавотир
30 апрель куни Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ етакчиси Дональд Трамп ўртасида кечган бир ярим соатлик телефон мулоқоти халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлди. Кейинчалик маълум бўлишича, Москва Украинадаги фронт чизиғида Ғалаба байрами муносабати билан вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ташаббусини илгари сурган.
Вашингтон бу таклифни маъқуллаган бўлса-да, Кремль деворлари ортида бу йилги байрамга тайёргарлик ўта эҳтиёткорлик ва пинҳона ҳадик руҳида кечмоқда.
Ҳар йили Қизил майдоннинг асрий тошларини титратиб ўтадиган оғир ҳарбий техникалар ва зирҳли машиналар карвони бу йил кутилмаганда “сафдан чиқарилди”. Мудофаа вазирлиги қарорига кўра, майдонда фақат пиёда қўшинлар колоннаси қадам ташлайди, айрим ҳарбий учоқлар парвоз қилади. Бу шунчаки парад форматининг ўзгариши эмас, балки тизим ичидаги чуқур хавотирнинг ташқи инъикосидир.
Боиси, байрам арафасида Москвада хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражага кўтарилмоқда. 5, 7 ва 9 май кунлари пойтахт осмонида нафақат дронлар, балки ахборот оқими ҳам бўғилади. Барча турдаги мобил алоқа хизматлари чекланиши, SMS хабарлар йўллашнинг тўхтатилиши ва махсус “оқ рўйхат” тизимининг жорий этилиши Москвани виртуал блокадага яқин ҳолатга келтириб қўяди.
Шу вазиятда “дунёнинг энг қудратли армияларидан бирига эга давлатни бу даражада хавотир ва эҳтиёткорликка мажбур қилаётган қўрқувнинг илдизи қаерда?” деган табиий савол туғилади. Бу ҳақда пастроқда батафсил тўхталамиз.
2025-йилдаги ҳарбий парадФото: “aif.ru”
Тизим ичидаги бўлиниш
Кремльнинг ташқи дунёга кўрсатадиган “монолит” бирлиги ортида жиддий сиёсий зилзилалар бошланди. Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов ҳамда президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари, Кремльнинг “кулранг кардинали” Сергей Кириенко ўртасидаги зиддият энди ёпиқ эшиклар ортидан ташқарига сизиб чиқмоқда.
Можаро марказида — сентябрь ойида кутилаётган Давлат Думаси сайловлари ва фронтдан қайтган ҳарбийларнинг сиёсий ҳокимиятга кириб келиш масаласи турибди. Чунки Россия президенти Владимир Путин “Ягона Россия” партияси рўйхатида Украинага қарши уруш қатнашчилари учун 150 та кафолатланган ўрин ажратишни ваъда қилган эди.
Бироқ ёпиқ муҳокамалар давомида маълум бўлишича, таклиф этилган номзодлар орасида асосан фронтда жанг қилган аскарлар эмас, балки фақат расмий равишда армияга алоқадор бўлган амалдорлар кўпчиликни ташкил этган. Белоусов бу рўйхатни мустақил шакллантиришга интилиб, ҳарбийлар манфаатини ҳимоя қилувчи янги сиёсий фигурага айланмоқда. Аммо Кириенко бунга қарши чиқмоқда.
Таниқли таҳлилчи Михаил Зигарнинг айтишича, бундай қарама-қаршилик Россия олий ҳокимиятида мисли кўрилмаган ҳолат ҳисобланади.
“Биринчи марта сайлов стратегияси ва рўйхатлар шакллантириш билан умуман шуғулланмаган шахс бу жараёнга аралашиб, ўзининг ортиб бораётган оммавий таъсирига таянмоқда”, — дея изоҳ берган у.
Шу фон остида Владимир Путин мураккаб танлов олдида қолмоқда. Бир томондан, сайлов жараёнини назорат қилиш учун унга Кириенко керак. У Кремльнинг асосий сайлов стратеги ва энг нозик топшириқлар ижрочиси сифатида кўрилади.
Иккинчи томондан эса “ултра-ватанпарварлар” оқимининг янги юлдузи сифатида кўрилаётган Белоусов. Уни заифлаштириш армия ичидаги кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Зиддият фақат мандатлар билан чекланмайди. Баҳслар Россияда жорий этилиши муҳокама қилинаётган, армиядан қочган ёки хизматдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган “дезертирлар солиғи” атрофида ҳам авж олмоқда.
Андрей Белоусов ушбу солиқдан тушган маблағларни уруш машинасига йўналтиришни талаб қилмоқда. Бироқ Молия вазирлиги ижтимоий портлашдан қўрқиб, тушумларни халққа тарқатишни таклиф этмоқда.
“Ҳозирча бу курашнинг қандай якун топиши номаълум. Аммо бир нарса аниқ, Кремль ичида асабийлик белгилари сезилмоқда,” деб ёзади Италиянинг энг йирик газеталаридан бири Corriere della Sera.
Путин ва КириенкоФото: ҳаққин.аз
Путинга қарши фитна
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 9 май муносабати билан ҳарбий парадда техникалар иштирок этмаслигини “террорчилик хавфи” билан изоҳлади. Дарҳақиқат, “Вазҳне истории” нашри Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан бирининг разведка хизмати томонидан Кремль ичидаги реал вазият ва Владимир Путиннинг ҳолати ҳақида тайёрланган ҳисоботни эълон қилди.
Ҳисоботда ёзилишича, 2026-йилнинг март ойидан буён Путин мисли кўрилмаган “қамал ҳолати”да яшамоқда. Россия президенти нафақат ташқи душманлардан, балки ўзининг энг яқин атрофидаги сиёсий элита вакиллари томонидан тайёрланаётган фитна ёки давлат тўнтаришидан жиддий ташвишда. Айниқса, осмондан келиши мумкин бўлган “кўринмас ажал” — суиқасд дронлари Путиннинг энг катта қўрқувига айланган.
Шу сабаб Федерал қўриқлаш хизмати (ФСО) президент атрофида ўтиб бўлмас девор тиклаган. Хусусан:
Президент маъмуриятига кирувчилар ФСО томонидан икки босқичли текширувдан ўтказилади;
Путин ташриф буюрадиган жойлар сони кескин қисқартирилган, у ва унинг оиласи Москва яқинидаги одатий қароргоҳларидан энди фойдаланмайди;
Уруш бошланганидан бери Путин кўпинча модернизация қилинган бункерлар, хусусан Краснодар ўлкасидаги объектларда яшириниб ишлайди, у ерда ҳафталаб қолиши мумкин, шу пайтда Россия ОАВлари олдиндан тайёрлаб қўйилган видеоларни эфирга узатади;
Бу йил ҳарбий инфратузилмага бирорта ҳам ташриф амалга оширилмаган (2025-йилда эса бундай ташрифлар тез-тез бўлган);
Москванинг айрим ҳудудларида вақти-вақти билан алоқа тармоқлари ўчирилади;
ФСО кинологлар билан кенг кўламли текширувлар ўтказади ва Москва дарёси бўйида дрон ҳужумларига қарши тайёр ҳолатда жойлашган;
ФСО президент иштирокидаги барча ахборот ва медиа чиқишларини махфий фармонга асосланиб назорат қилади;
Путинга яқин ходимларга мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган, улар интернетга уланмайдиган қурилмалардан фойдаланади;
Ошпазлар, фотограф ва қўриқчиларнинг уйларига кузатув тизимлари ўрнатилган.
ПутинФото: newsweek.com
Ҳисоботнинг энг шов-шувли қисми Сергей Шойгу билан боғлиқ. Россия Хавфсизлик кенгаши котиби бўлган Шойгу бугун ҳарбий раҳбарият ичидаги “исён ўчоғи” сифатида кўрилмоқда. Унинг яқин сафдоши Руслан Цаликовнинг ҳибсга олиниши элита учун берилган норасмий хавфсизлик кафолатлари йўққа чиққанидан далолат беради. Бу қадамлар Шойгунинг ўзини ҳам жиноий таъқиб ва “сиёсий дор” кутаётганига ишора қилмоқда.
Мустақил манбалар, хусусан, ФСБнинг собиқ ходимлари ҳам Москвадаги интернет ўчирилишлари орқасида айнан ФСО турганини тасдиқламоқда. Ҳозирда Россия махсус хизматлари жиноятчиларни эмас, балки ҳукуматнинг ўз ичидаги “сотқинлар”ни овлаш билан банд.
“Дарё” билан суҳбатда сиёсатшунос Мухтор Назиров Кремль раҳбарияти ички ижтимоий босим ва норозилик эҳтимолидан хавотирда эканлигини, шу сабабли Москва ахборот майдонини максимал даражада бошқариш орқали бу жараёнларни олдиндан жиловлашга уринаётганини айтиб ўтди.
“Ҳозир Россияда “суверен” ижтимоий тармоқларни ривожлантириш ва тарғиб қилиш кескин кучаймоқда. Бу орқали Кремль ахборот оқимини марказлаштириш ва жамоатчилик кайфиятини янада қатъий назорат остига олишга уринмоқда. Чунки ахборот маконида барибир салбий фон шаклланади — уруш ҳеч қачон ижобий кайфият олиб келмайди.
Уруш — бу доимий стресс, қисқараётган иш ўринлари, барбод бўлаётган режалар ва пасайиб бораётган иқтисодий кўрсаткичлардир. Ижтимоий муаммоларни маълум вақт пропаганда билан жиловлаб туриш мумкин, аммо унинг таъсири узоқ давом этмайди — одатда 1–2 йил билан чекланади.
Айнан шу сабаб Россияда ҳозир ижтимоий тармоқлар устидан деярли тўлиқ назорат ўрнатиш жараёни жадаллашмоқда. Кремль раҳбарияти ички ижтимоий босим ва норозилик эҳтимолидан хавотирда. Шу боис Москва ахборот майдонини максимал даражада бошқариш орқали бу жараёнларни олдиндан жиловлашга уринмоқда”, дейди Мухтор Назиров.
9 май паради бу йил ғалабани нишонлаш учун эмас, балки бир инсоннинг ўз атрофидаги дунёдан нақадар узоқлашганини, нақадар ёлғизланиб қолганини намойиш этувчи ғамгин театрдир. Эҳтимол, Кремль осмонидаги сукунат — бўрон олдидаги сукунат бўлиши мумкин.