Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрами арафасида Фарғона вилоятининг Сўх туманида ДХХ Чегара қўшинларининг ҳарбий хизматчилари учун бунёд этилган кўп қаватли уй-жойларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.
Қайд этилишича, дастлаб «Сариканда» маҳалласида 34 миллиард сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланган ҳарбий қисм штаби биноси, бу ерда янги қуриб битказилган спорт зал, клуб, тиббиёт маскани ҳамда 48 та хонадондан иборат кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилган.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, ДХХ вилоят бошқармаси раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, янги турар-жой биноларига кўчиб ўтаётган ҳарбий хизматчиларни ҳамда уларнинг оила аъзоларини қутлади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Туманнинг «Шарқобод» маҳалласида барпо этилган 48 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйда ҳам ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун барча зарур қулайликлар яратилган.
«Замонавий лойиҳалар асосида қурилган уйлар шинам. Уларда барча қулайликлар яратилган. Меҳмонхона, ошхона ва бошқа ёрдамчи хоналар замонавий жиҳозланган. Бу ердаги қулайликлардан айниқса, турмуш ўртоғим ва фарзандларим жуда хурсанд. Ватан олдидаги хизмат бурчимизни шараф билан бажариш учун бизга шундай шароитлар яратиб берилаётганидан миннатдормиз», – дейди чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларидан бири.
Изоҳ (0)