Ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳри марказидаги кўчада дарахтлар томири билан кўчирилгани юзасидан видеолавҳа тарқалди. Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Хабарларда «Ойбек» маҳалла фуқаролар йиғини Паҳлавон Маҳмуд кўчасида тадбиркор томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётгани келтирилган. Мазкур ҳолат шаҳар ҳокимлиги мутахассислари ҳамда вилоят экология бошқармасининг шаҳар бўлими инспекторлари томонидан ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида ҳудуддаги манзарали дарахтларга шикаст етказилмагани, фақатгина мевали дарахтлар кесилгани аниқланди.
«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 45-моддаси 4-бандига асосан, ёғоч олиш ва мевалар етиштириш учун махсус экилган, юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлган дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсатнома талаб этилмаслиги белгиланган.
Ҳозирда қурилиш майдони атрофидаги мавжуд дарахтлар хатловдан ўтказилиб, экология бошқармасининг Фарғона шаҳри бўлими томонидан назоратга олинди.
Изоҳ (0)