Туманнинг Хидирша маҳалласида фуқаро Муяссар Раҳимовага 2019 йили “президент совғаси” сифатида берилган хонадон орадан етти йил ўтиб, аслида ҳали ҳам қурувчи компания — “Қишлоқ қурилиш инвест”нинг балансида тургани ва энди ташкилот аёлдан “совға қилинган” уйнинг пулини тўлашни талаб қилиб, ҳаттоки уни судга берган.
Муяссар Раҳимованинг “Дарё”га маълум қилишича, мазкур ҳолат Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, муаммо ҳал қилинган.
Материал эълон қилинганидан кейин вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмалжон Тўланов мени қабулига чақирди. Суҳбатда бу ишлар вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўша вақтдаги ўринбосари Манзура Фазлиддинова вақтида охирига етказилмасдан қолиб кетгани, муаммо ҳал қилинишини айтди.
Ҳозир пуллар тўланди. Айни пайтда уй “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси балансидан чиқарилиб, мени номимга ўтказиш ишлари кетяпти, деди аёл.
Уй муаммосидан ташқари, аёлнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ масала ҳам ижобий ечим топди.
Материалда Муяссар Раҳимова кўп қаватли уй ёнидан ўтган зовур бўйида маҳаллий ҳокимлик тавсияси билан кредит олиб, ўрдакхона қургани, аммо кейинроқ масъуллар “стандарт бўйича қурилмаган” деган баҳона билан уни бузмоқчи экани ҳам баён этилган эди.