Қирғизистон ва Афғонистон темир йўллари раҳбарлари билан видеоконференция шаклида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, унда Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон—Афғонистон янги коридорини ташкил этиш ва ушбу йўлак бўйлаб юк ташиш учун ўзаро манфаатли шарт-шароитлар яратиш, энг муҳими, рақобатбардош тарифларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда «Қирғизистон темир йўли» МК давлат корхонаси бош директори А.Сакиев, Афғонистон темир йўллари бош директори Бахт ул-Раҳмон Шарафат, шунингдек, Хитойнинг Wagkhan Corridor логистика компанияси, Хитой вакили жаноб Мао ва Афғонистон вакили Жаноб Забиуллоҳ иштирок этди.
Ушбу коридор орқали юкларни Хитойнинг Қашғар темир йўл станциясидан Қирғизистондаги Ўш темир йўл станциясига, Ўш станциясидан Афғонистондаги Хайратон станциясига темир йўл орқали ташиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар йиллик юк ташиш ҳажми 3500 контейнерни ташкил этади ва келажакда йилига 60 мингтагача контейнер ташиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, рақобатбардош тариф сиёсатини ҳисобга олган ҳолда томонлар келажакда тариф чегирмалари масаласини муҳокама қилишга ва кейинги учрашувда тариф ставкаларини тақдим этишга келишиб олинган.
Учрашув давомида томонлар йўлакни ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишларини ва янги ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлашларини билдирган.
Мавзуга доир: Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши 2023 йилда бошланади — Садир Жапаров
Изоҳ (0)